Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар ўртасида ОТМ дипломлари ўзаро тўғридан-тўғри тан олинмайди

Yangiliklar

Ижтимоий тармоқларда эндиликда Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари томонидан берилган таълим тўғрисидаги дипломлари ушбу давлатлар ҳудудида тўғридан-тўғри тан олиниши ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар эълон қилинмоқда (https://t.me/BaholashUz/8413).

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида”ги Низом талаблари асосида амалга оширилади. Мазкур Низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғридан тўғри тан олинадиган хорижий давлатлар томонидан берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар тоифалари белгиланган.

Таъкидлаш керакки, юқорида келтирилган маълумотлар асоссиз бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон дипломларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартнома мавжуд эмас. Мазкур давлатларда хорижий давлатлар томонидан берилган таълим олганлик ҳақидаги дипломларни тан олиш уларнинг миллий қонунчилигида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.